Алоуддин Мансур — 134
6:53 «Бизларнинг орамиздан ана ўшаларга Аллоҳ инъом қилган эмишми?», дейишлари учун уларнинг баъзиларини баьзилари билан ана шундай имтиҳон қилдик. Ахир шукр қилгувчиларни Аллоҳ яхшироқ билгувчи эмас-ми?!
6:54 Қачон сизнинг оддингизга Бизнинг оятларимизга иймон келтирадиган зотлар келсалар: «Саламун алайкум — сизларга тинчлик бўлсин, Парвардигорингиз Ўз зиммасига раҳмат — марҳамат қилишни ёзгандир. Сизлардан ким билмасдан бирон ёмонлик (гуноҳ) қилса, сўнгра ўша ёмонлигининг кетидан тавба қилиб, (ўзини) тузатса, бас, (гуноҳи кечирилади), албатта (Аллоҳ) мағфиратли, меҳрибондир», деб айтинг.[4]
6:55 (Ҳақиқий мўминлар кимлар экани маълум бўлиши) ва жиноятчи кимсаларнинг йўли ошкор бўлиши учун оятларимизни мана шундай муфассал қилурмиз.
6:56 Айтинг: «Мен Аллоҳни қўйиб — сизлар илтижо қилаётган бутларга бандалик қилишдан қайтарилганман». Айтинг: «Сизларнинг ҳавойи-нафсларингизга эргашмайман. Зеро, у ҳолда йўлдан озурман ва ҳидоят топгувчилардан бўлмай қолурман.
6:57 Айтинг: «Мен Парвардигорим тарафидан (Унинг ёлғиз маъбуд эканлиги хусусида) аниқ ҳужжатга эгаман. Сизлар эса уни ёлғон дедингиз. Сизлар шоштираётган нарса (яъни, Аллоҳнинг азоби) менинг илгимда эмас, ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. У фақат ҳақни сўйлар. У (ҳақ билан ноҳақни) ажратгувчиларнинг энг яхшисидир».
6:58 Айтинг: «Агар сизлар шоштираётган нарса менинг илгимда бўлганида эди, албатта сизлар билан ўртамиздаги иш тугаган бўлур эди (яъни, мен сизларни дарҳол азоблаган бўлур эдим). Аллоҳ золимларни жуда яхши билгувчидир».
6:59 Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир.