Алоуддин Мансур — 133
6:45 Бас, бутун оламларнинг Парвардигори — Аллоҳга ҳамд бўлсинки, золим қавмнинг думлари қирқилди (ҳалок қилиндилар).
6:46 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ қулоқ ва кўзларингизни тортиб олса ва дилларингизни муҳрлаб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ у аъзоларни сизларга келтириб берур?» Қаранг, Биз оятларни қандай баён қилмоқдамиз, сўнгра улар юз ўгирмоқдалар.
6:47 Айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар сизларга Аллоҳнинг азоби тўсатдан ёки очиқдан-очиқ (яъни, кечаси ёки кундузи) келса, золим қавмдан ўзга биров ҳалок қилинурми?! (Йўқ, фақат золим қавм, яъни сизлар ҳалок қилинурсизлар).
6:48 Биз пайғамбарларни фақат (жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳоллардагина юборамиз. Бас, кимлар иймон келтириб, (ўзларини) тузатсалар, уларга хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар.
6:49 Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса итоатсиз бўлганлари сабабли азобга гирифтор бўлурлар.
6:50 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари мавжуд», демайман ва ғайбни ҳам билмайман. Яна сизларга: «Мен фариштаман», ҳам демайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман. Айтинг: «Кўр билан кўргувчи (яъни, йўлсиз билан Аллоҳнинг йўлида юргувчи) киши баробар бўлурми?!» Тафаккур қилмайсизларми?!
6:51 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бу (Қуръон) билан ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир оқловчи бўлмаган ҳолда Парвардигорлари даргоҳида тўпланишдан қўрқадиган зотларни қўрқитинг! Шояд улар (Аллоҳдан) қўрқсалар.
6:52 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сиз эрта-ю кеч Парвардигорларининг Юзини истаб, Унга илтижо қиладиган зотларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг! Сизнинг зиммангизда уларнинг ҳисоб-китобларидан ҳеч нарса йўқдир ва сизнинг ҳисоб-китобингиздан уларнинг зиммаларида ҳеч нарса йўқдир. Бас, уларни ҳайдаб золимлардан бўлиб қолманг!