Алоуддин Мансур — 130
6:19 Айтинг (сўранг): «Қай нарса энг улуғ гувоҳ бўлур?» Айтинг: «Аллоҳ». У мен билан сизларнинг ўртамизда гувоҳдир. Сизларни ва Қуръон етиб борган кишиларни (Охират азобидан) огоҳлантиришим учун менга — мана шу Қуръон ваҳий қилинди. Сизлар ҳақиқатан ҳам: «Аллоҳ билан бирга бошқа худолар ҳам бор, деб гувоҳлик бера оласизми? Айтинг: «Мен бундай гувоҳлик бермайман! Айтинг: «Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ якка-ю ягонадир. Албатта мен сизларнинг ширкингиздан покман».
6:20 Биз китоб ато қилган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўз болаларини таниган каби танийдилар. Ўзларига зиён қилган кимсаларгина иймон келтирмайдилар.
6:21 Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта, бундай золимлар нажот топмаслар.
6:22 Уларнинг барчаларини тўплаб, сўнгра мушрик бўлган кимсаларга сизлар: «(Аллоҳнинг шериклари деб) гумон қилган бутларингиз қани?!», деб сўрайдиган Кунимизни (эсланг)!
6:23 Кейин уларнинг алдов-ёлғонлари фақат шу бўлур: «Парвардигоримиз Аллоҳга қасамки, бизлар мушрик эмас эдик».
6:24 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улар (барча сирларни билгувчи бўлган Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғон сўзлаш билан) ўзларини қандай алдаганликларини ва тўқиб олган «худолари» йўқ бўлиб қолганлигини кўринг!
6:25 Улардан сизга қулоқ тутадиганлари ҳам бор, (лекин) Биз уни (Қуръонни) англамасликлари учун дилларини пардалаб, қулоқларини оғир қилиб қўйдик. Улар бор оятларни (мўъжизаларни) кўрсалар ҳам, у (оят)ларга иймон келтирмайдилар. Ҳаттоки сиз билан жанжаллашгани олдингизга келган пайтларида ҳам, кофир бўлган кимсалар: «Бу (Қуръон) фақат аввалгилардан қолган афсоналар, холос», дейдилар.
6:26 Улар (ўзгаларни) ундан (Қуръондан) қайтарадилар ва ўзлари ҳам ундан четланадилар. Улар ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларини ҳалок қиладилар, холос.
6:27 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларни дўзах устида турғазиб қўйилган пайтларида: «Қани энди бизлар (дунёга) қайтарилсак ва Парвардигоримизнинг оятларини ёлғон демай, мўминлардан бўлсак», деганларини кўрсангиз эди.