>

Алоуддин Мансур — 129

6:9 Агар унинг (пайғамбарнинг) ўзини фаришта қилсак ҳам, уни эр киши (яъни, инсон суратида) қилган ва уларга ноаниқ ҳолда турган нарсани яна хиралаштирган бўлур эдик.[2]

6:10 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиздан аввал ўтган пайғамбарларнинг устидан ҳам кулинган. Сўнг уларни масхара қилган кимсаларни ўша кулгилари ўраб, (домига тортиб) кетган (яъни, ҳалок қилган).

6:11 Айтинг: Ерни айланиб сайру саёҳат қилинглар, сўнгра (пайғамбарларни) ёлғончи қилгувчиларнинг оқибати қандоқ бўлганини кўринглар.

6:12 Айтинг (сўранг): «Осмонлар ва Ердаги нарсалар кимники?» Айтинг: «Аллоҳники». У Ўз устига осмону Ердаги бор мавжудотга раҳмат-марҳамат қилишни ёзиб қўйгандир. У албатта сизларни ҳеч шак-шубҳасиз, бўлган Қиёмат Кунига тўплайди. Фақат ўзларига зиён қилган кимсаларгина иймон келтирмайдилар.

6:13 Кеча ва кундузга жо бўлган бор нарса Унингдир. У эшитгувчи, билгувчидир.

6:14 Айтинг: «Ўзи ризқланмай (таомланмай барчани таомлантирган) ҳолида осмонлар ва Ернинг яратгувчиси бўлган Аллоҳдан ўзгани дўст тутайми?!» Айтинг: «Албатта, мен Аллоҳга бўйинсунгувчи кишиларнинг аввалгиси бўлишга маъмурман (амр қилинганман)». Ҳаргиз мушриклардан бўлманг!

6:15 Айтинг: «Албатта, мен агар Парвардигоримга итоатсизлик қилсам, Улуғ Кунда (Қиёматда Аллоҳ томонидан) бўладиган азобдан қўрқаман».

6:16 Ўша кунда кимдан (азоб) четлатилса, бас, унга Аллоҳ раҳм қилибди. Мана шу очиқ нажотдир!

6:17 Агар Аллоҳ сизни (камбағаллик, хасталик каби) бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир. Агар сизни бирон яхшилик билан ушласа, бас, билингки, У ҳамма нарсага қодирдир.

6:18 Унинг ўзи бандалари устида ғолибдир. Унинг Ўзи ҳикмат соҳиби (ҳар нарсадан) огоҳдир.[3]