Алоуддин Мансур — 127
5:114 (Шунда) Ийсо бинни Марям: «Аллоҳим, Парвардигоро, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ва Сенинг оят-мўъжизанг бўлиб қолгай. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қилгил. Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан», деди.
5:115 Шунда Аллоҳ айтди: «Мен уни сизларга туширгувчиман. Аммо шундан кейин сизлардан кимда-ким кофир бўлса, уни шундай азобга гирифтор қиламанки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламагайман».
5:116 Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳ: «Эй Ийсо бинни Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?», деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда, Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан.
5:117 Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса, Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан.
5:118 Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат Эгасидирсан».
5:119 Аллоҳ айтди: «Бу кун (яъни, Қиёмат Куни) ҳаққи-рост иймон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган кундир». Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қолажаклар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса улуғ бахтдир.
5:120 Осмонлар ва Ер ҳамда улардаги бор нарса Аллоҳнинг мулкидир. У ҳамма нарсага қодирдир.