>

Алоуддин Мансур — 125

5:104 Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва пайғамбарга келинглар», дейилса, улар: «Биз учун ота-боболаримизни ниманинг (яъни, қайси диннинг) устида топган бўлсак, ўша етарли», дейишади. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳақ йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам-а?!

5:105 Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни, гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас. Барчангиз ҳам Аллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда Аллоҳ сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур.[15]

5:106 Эй мўминлар, бировингизга ўлим келганда — васият қилар вақтида ўзингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адодат эгаси ёки агар бирор Ерга сафар қилиб, ўша Ерда сизга ўлим етган бўлса, ўзгалардан бўлган икки киши ўрталарингизда гувоҳ бўлсин! У гувоҳларни намоз ўқиб чиққанларидан кейин тутасизлар. Агар (уларнинг адолат қилишига) шубҳа қилсангиз, улар Аллоҳ номига бундай қасам ичадилар: «Гарчи гувоҳлик берилувчи, яъни меросхўр қариндошимиз бўлса-да, бу қасамимизни озгина қийматга алмаштирмаймиз ва Аллоҳ учун берган гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз, гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз».

5:107 Агар уларнинг гуноҳкор бўлганлари (яъни, ёлғон гувоҳлик берганлари) маълум бўлиб қолса, у ҳолда уларнинг ўринларига турадиган, меросга ҳақдор кишилардан бўлган бошқа икки киши (гувоҳлик бериш учун) энг лойиқ кишилардир. Бас, бу иккови ҳам: «Бизнинг берган гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳлигидан тўғрироқ, биз (бу гувоҳлик беришда) ҳақдан тажовуз қилганимиз йўқ. Чунки у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз, золимлардан бўлиб қолурмиз», деб Аллоҳ номига қасам ичадилар.

5:108 Мана шу рост гувоҳлик беришларига ёки қасамларидан кейин яна қайта қасамлар ичилишидан (яъни, шарманда бўлишларидан) қўрқишларига яқинроқ ҳукмдир. (Эй мўминлар), Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга қулоқ тутингиз! Зотан, Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳақ йўлга ҳидоят қилмас.