>

Алоуддин Мансур — 124

5:96 Сизларга ўзингиз ва бошқа мусофирлар фойдаланиши учун денгиз (сув) ови ва унинг емишлари (яъни, сизлар овламай ўзи соҳилга чиқиб қолган нарсалар) ҳалол қилинди. Ва модомики иҳромда экансизлар, сизларга қуруқлик ови ҳаром қилинди. (Қиёмат Куни) даргоҳида тўпланадиган Аллоҳдан қўрқингиз!

5:97 Аллоҳ Каъба — Байтул-Ҳаромни, уруш ҳаром этилган ойни, ҳадя (қурбонлик) ва ҳадя белгиларини (ҳадя учун аталган жониворларга осиб қўйиладиган ҳадялик аломатларини) одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди. Бу (нарса) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги бор нарсани билишини — Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи эканини билишинглар учундир.[12]

5:98 Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зот эканини ва албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон эканини билингиз!

5:99 Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор, холос. Аллоҳ ошкор этган нарсангизни ҳам, яширган нарсангизни ҳам билур.

5:100 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни қизиқтирса ҳам, нопок нарса пок нарсага баробар бўлмас. Бас, аҳли дониш, нажот топишингиз учун Аллоҳдан қўрқингиз!

5:101 Эй мўминлар, (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган), очилганда сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар! Қуръон нозил бўлаётганда у нарсалар ҳақида сўрасангиз, сизларга очиб берилади (яъни, зиммангизга юкланади). Ҳолбуки, Аллоҳ у нарсаларни кечиб юборган эди. Аллоҳ мағфиратли, ҳалимдир.

5:102 У нарсалар ҳақида сизлардан олдинги қавм сўраган эди. Сўнгра эса у нарсаларни инкор қилувчиларга айландилар.[13]

5:103 Аллоҳ на «баҳийра», на «соиба», на «васийла» ва на «ҳомий» қилишга (буюргани) йўқ. Лекин кофир кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқдалар. Уларнинг кўплари ақлсиздирлар.[14]