Алоуддин Мансур — 123
5:91 Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар![11]
5:92 Аллоҳга итоат қилингиз, пайғамбарга буйинсунингиз ва (ҳаромдан) эҳтиёт бўлингиз! Агар (итоатдан) бош тортсангиз, билингизки, пайғамбаримиз зиммасида фақат (бизнинг ҳукмларимизни) очиқ-равшан қилиб етказиш бор, холос.
5:93 Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун — агар (ҳаром нарсалардан) сақланиб, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра Аллоҳдан қўрқиб, чиройли амаллар қилсалар — (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади.
5:94 Эй мўминлар, албатта Аллоҳ ғойибда (кўрмай) туриб ўзидан қўрқадиган кишиларни билиш учун сизларни (ҳаж сафарида бўлган чоғингизда) қўл ва найзаларингиз етгудек овлар билан имтиҳон қилур. Мана шу (огоҳлантиришдан) кейин ким ҳаддидан ошса (иҳромда бўлган ҳолда ов овласа), унинг учун аламли азоб бордир.
5:95 Эй мўминлар, иҳромда бўлган чоғингизда бирон овни ўлдирманг! Сизларнинг орангиздан ким қасддан бирон овни ўлдирса, (унинг зиммасида) чорва молларидан ўлдирган ови баробарида жазо бордирки, у Каъбага етиб боргувчи ҳадя бўлиб, унга ўзларингдан икки адолат эгаси ҳакамлик қилур. Ёки (унинг зиммасида) каффорат — (ўша овнинг қиймати баробарида) мискинларга таом бериш ё ўз ишининг зиёнини тотиб кўриши учун шунинг (яъни, ўша қийматнинг) баробарида рўза тутиш бордир. Илгари ўтган нарсаларни (яъни, иҳромда бўлган ҳолда қилинган овларни) Аллоҳ афв этди. Ким яна қайтиб (ов) қилса, ундан Аллоҳ интиқом олур. Аллоҳ қудрат ва интиқом Соҳибидир.