Алоуддин Мансур — 120
5:71 Ва (бу қилмишлари натижасида) ҳеч қандай фитна бўлмайди, деб ўйлаб кўру кар бўлиб олдилар. Сўнг (тавба қилганларида) Аллоҳ тавбаларини қабул қилди. Кейин улардан кўплари яна кўр ва кар бўлиб олдилар. Аллоҳ қилаётган амалларини кўргувчидир.
5:72 «Аллоҳ — Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй Бани Исроил, Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга бандалик қилингиз!», демишдир. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас.
5:73 «Аллоҳ — Учтанинг (яъни, Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир», деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўладилар. Чунки ягона Илоҳдан бошқа бирон илоҳ йўқдир. Агар улар айтаётган гапларидан тўхтамасалар, албатта улардан кофир бўлган кимсаларни аламли азоб ушлайди.
5:74 Ахир, Аллоҳга тавба қилиб, мағфират қилишини сўрамайдиларми?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон-ку!
5:75 Масиҳ бинни Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа — Аллоҳга ҳаққи-рост иймон келтирган аёлдир. Иккалалари ҳам таом Ер эдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), оят-ҳужжатларни уларга қандай баён қилишимизни кўринг, сўнг уларни қандай бўҳтон томонга оғаётганларни кўринг!
5:76 Айтинг: «Аллоҳни қўйиб, сизлар зарар ҳам, фойда ҳам беришга эга бўлмаган нарсаларга ибодат қиласизми? Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир».
5:77 Айтинг: «Эй аҳли китоб, динингизда ноҳақ тажовуз қилманг ва (Ислом келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан оздирган ҳамда Тўғри Йўлдан чиқиб кетган қавмнинг нафси ҳаволарига эргашманг![8]