Алоуддин Мансур — 12
2:77 Аллоҳ, шубҳасиз, уларнинг яширган нарсаларини ҳам, ошкор қилган нарсаларини ҳам билгувчи эканини билмайдиларми?
2:78 Уларнинг ичида китобдан бехабар, фақат хом хаёлларнигина биладиган омийлари ҳам борки, улар фақат гумон қиладилар, холос.
2:79 Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнгра озгина қийматга сотиш учун: «Бу китоб Аллоҳ ҳузуридан келди», дейдиган кимсаларга ҳалокат бўлғай, бас, ёзган нарсалари уларга ҳалокат бўлғай, топган фойдалари уларга ҳалокат бўлғай.
2:80 Яҳудийлар: «Бизларга дўзах ўти саноқли кунлардагина тегади», дедилар. Уларга айтинг: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳдан аҳду паймон олдингизми — зотан, Аллоҳ ҳаргиз аҳдига хилоф қилмайди — ёки Аллоҳ ҳақида билмаган нарсаларингизни айтяпсизми?»
2:81 Йўқ! Кимда-ким ёмонлик касб қилса ва гуноҳга ўралиб қолса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар ўша жойда абадий қолажаклар.
2:82 Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар эса жаннат эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолгувчилардир.
2:83 «Фақат Аллоҳгагина ибодат қиласизлар, ота-она, қариндош-уруғ, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар. Одамларга чиройли сўзлар сўзлангиз ва намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг», деб Бани Исроилдан аҳду паймон олганимизни эсланглар. Кейин эса (Эй Бани Исроил,) озгина кишидан ташқари ҳаммангиз юз ўгирган ҳолда кетдингиз.