Алоуддин Мансур — 114
5:37 Улар дўзахдан чиқмоқчи бўладилар-у, ҳеч ундан чиқувчи бўла олмайдилар — улар учун доимий азоб бордир.
5:38 Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қўлларини кесинглар! (Токи бу) уларнинг қилмишларига жазо бўлсин, Аллоҳ томонидан берилган азоб бўлсин. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгасидир.
5:39 Аммо ким бундай (ўғрилик билан қилган) жабру зулмидан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, албатта Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
5:40 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ахир сиз Осмонлар ва Ер Аллоҳнинг мулки эканини, У зот Ўзи истаган кишисини азоблаб, истаган кишисини мағфират қилишини билмадингизми? Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
5:41 Эй пайғамбар, оғизларида: «Иймон келтирдик», деган, аммо диллари иймон келтирмаган (мунофиқлардан) ва яҳудийлардан бўлган, куфр томонга қараб чопаётган кимсалар сизни маҳзун қилмасин. Улар ёлғонга қулоқ бергувчи ва сизнинг олдингизга келмаган, сўзларни ўз ўринларига қўйилгандан кейин ўзгартирадиган бошқа қавмга (яъни, яҳудийларга) қулоқ бергувчи кимсалардир. (Яҳудийлар): «Агар (Муҳаммад тарафидан) сизларга мана шу ҳукм берилса, олинглар, бўлмаса (яъни, бошқа бир ҳукм айтилса), эҳтиёт бўлинглар — олманглар, дейишади. Кимники Аллоҳ ўзи адаштиришни истаса, бас, сиз унинг учун Аллоҳ томонидан ҳеч нарса қила олмассиз. Улар Аллоҳ кўнгилларини поклашни истамаган кимсалардир. Улар учун дунёда расволик, Охиратда эса улуғ азоб бордир.[6]