Алоуддин Мансур — 112
5:24 (Қавм) айтди: «Ё Мусо, модомики улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу Ерда ўтириб кутурмиз».
5:25 Мусо айтди: «Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродарим (Ҳорунга) эгаман, холос. Бас, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин».
5:26 Аллоҳ деди: «Энди қирқ йил мобайнида бу Ер улар учун ҳаромдир. Улар Ерда (саҳроларда) адашиб-улоқиб юрурлар. Сен бу итоатсиз қавм (қилмиши)дан маҳзун бўлмагин».
5:27 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни ҳаққирост тиловат қилинг. Ўшанда у иккови қурбонлик қилганларида (қурбонликлари) бировларидан қабул қилинган, иккинчиларидан қабул қилинмаган эди. Шунда у «Қасамки, сени ўлдирурман», деганида, биродари айтди: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина (қурбонликларини) қабул қилур».[4]
5:28 Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг, мен сени ўлдириш учун қўл чўзгувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқаман.
5:29 Мен сени менинг гуноҳим ҳамда ўзингнинг гуноҳинг билан қайтиб, дўзах эгаларидан бўлиб қолишингни истайман. Золимларнинг жазоси шудир.
5:30 Бас, нафси унга ўз биродарини ўлдиришни чиройли қилиб кўрсатиб (Қобил) уни ўлдирди ва зиён кўргувчилардан бўлиб қолди.
5:31 Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун Ер титадиган бир қарға юборди. У: «Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми — биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?!», деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди.