Алоуддин Мансур — 110
5:14 «Бизлар насронийлармиз», деган кимсалардан ҳам аҳд-паймонларини олдик. Сўнг ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан (кўп) ҳиссасини унутдилар. Бас, уларнинг ўрталарида то Қиёмат Кунигача буғзу адоватни авж олдирдик. Яқинда Аллоҳ уларга қилиб ўтган «ҳунар»ларининг хабарини беражак.
5:15 Эй аҳли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) сизлар китобингиз (Таврот, Инжил) орасидан яшириб келган (у зотнинг пайғамбар бўлишлари ва яна бошқа зарур масалалар хусусидаги) кўп нарсаларни сизларга баён этган ҳолда, (фақат сизларнинг сирларингизни очиб, шарманда қилиш учунгина ишлайдиган) кўп нарсаларни тарк этган ҳолда келди. Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур-Очиқ Китоб келди.
5:16 Аллоҳ у сабабли ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилур ва Ўзи изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилур.
5:17 «Аллоҳ – Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсаларнинг кофир бўлганликлари аниқдир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар Аллоҳ Масиҳ бинни Марямни, унинг онасини ва Ердаги барча кишиларни ҳалок этишни истаса, ким Аллоҳ тарафидан бўлган нарсани (балони) қайтаришга эга бўла олади?!» Осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. У ўзи истаган нарсасини Ўзи истаган суратда яратур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.