>

Алоуддин Мансур — 106

4:176 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: «Аллоҳ сизларга на ота ва на боласи бўлмаган одам тўғрисида фатво берур: агар фарзандсиз бўлган ёлғиз бир эркак ўлса, (агар) унинг синглиси бўлса, унга (акаси) қўйиб кетган мероснинг ярмини олур. Агар синглисининг фарзанди бўлмаса, ака унга меросхўр бўлур. Агар сингиллар иккита бўлса, улар учун ака қолдирган нарсадан учдан иккиси тегур. Агар меросхўрлар ака-сингиллар бўлса, бир эркак учун икки аёл ҳиссаси берилур. Адашиб кетмасликларинг учун Аллоҳ сизларга (Ўз ҳукмларини) баён қилур Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир».

5:1 Эй мўминлар, ақдларга (ўзаро келишган битимларга) вафо қилингиз! Сизлар учун — (қуйидаги оятларда ҳаромлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Лекин иҳромда бўлган ҳолларингизда ов овлашни ҳалол қилиб олмангиз. Албатта, Аллоҳ Ўзи истагандек ҳукм қилур.[1]

5:2 Эй мўминлар, Аллоҳ буюрган удумларни бузишни, уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишни, Аллоҳ йўлида ҳадя этилган ҳайвонларни (ўлдиришни) ва уларга осиб қўйилган ҳадялик белгиларини (узиб ташлашни) ҳамда Парвардигорларидан фазлу марҳамат ва ризолик тилаб Байтул-Ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга (қарши жанг қилишни) ҳалол қилиб олмангиз! (Иҳромдан чиқиб) ҳалол бўлгач, ов қилаверингиз. (Сизларни Каъбадан тўсганлари сабабли) бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга — адолатсизликка тортмасин — сабаб бўлмасин! Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.