>

Алоуддин Мансур — 105

4:171 Эй аҳли китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта, ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга етказган сўзи ҳамда унинг томонидан бўлган руҳ (Соҳибидир), холос. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! «(Аллоҳ) учта (яъни, Аллоҳ Марям ва Ийсо учалалари ҳам Аллоҳлардир)», демангиз! (Бундай ботил эътиқоддан) тўхтангиз, шунда ўзингиз учун яхши бўлур. Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ якка-ягонадир. У фарзандлик бўлишдан пок бўлган Зотдир. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. Аллоҳнинг Ўзи етарли вакилдир.

4:172 Масиҳ ҳам, Аллоҳга яқин қилинган фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмайдилар. Кимки Унга бандалик қилишдан ор қилса ва кибру ҳаво қилса, бас, уларнинг барчасини Ўз ҳузурига жам қилажак.

4:173 Ана ўшанда иймон келтириб, яхши амаллар қилган кишиларнинг мукофотларини комил қилиб бериб, яна Ўз фазлу карамидан қўшимча ҳам қилур. Аммо ор қилган, кибру ҳаво қилган кимсаларни эса аламли азоб билан азоблайди ва улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор тополмаслар.

4:174 Эй одамлар, сизларга Парвардигорингиздан ҳужжат келди. Ва Биз сизларга равшан нурни нозил қилдик.

4:175 Аллоҳга иймон келтириб, Унга боғланган зотларни ўз томонидан бўлган раҳмат ва фазлу марҳаматга (яъни, жаннатга) дохил қилур. Ва уларни Ўзининг туғри йўлига йўллагай.