Алоуддин Мансур — 104
4:163 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик, яна Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлоди, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймон пайғамбарларга ҳам ваҳий юборганмиз. Довудга Забурни ато этдик.
4:164 Айрим пайғамбарлар ҳақида сизга илгари ҳикоя қилдик, айрим пайғамбарларни эса сизга ҳикоя қилганимиз йўқ. Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди.[21]
4:165 Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
4:166 Лекин Аллоҳ сизга Ўз билими билан нозил қилган нарсага гувоҳлик берур. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Аллоҳнинг Ўзи етарли гувоҳдир.
4:167 Албатта, кофир бўлган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсган кимсалар қаттиқ адашгандирлар.
4:168 Албатта, куфр йўлига кириб, жабру зулм қилган кимсаларни Аллоҳ ҳаргиз кечирмайди ва зинҳор ҳақ йўлга ҳидоят қилмайди.
4:169 Магар уларни жаҳаннам йўлига равона қилур ва улар у жойда абадий қолажаклар. Бу Аллоҳга осондир.
4:170 Эй одамлар, бу пайғамбар сизларга Парвардигорингиздан ҳақ динни келтирди. Бас, иймон келтирингиз, ўзингиз учун яхши бўлур. Агар инкор қилсанглар (ўзингизга зарар қиласиз, холос). Зеро, Осмонлардаги бор нарса ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.