>

Алоуддин Мансур — 102

4:148 Аллоҳ ёмон сўзларнинг (яъни, дуоибаднинг) ошкора айтилишини суймайди. Магар мазлум томонидан бўлса (жоиздир). Аллоҳ эшитгувчи, билгувчи бўлган Зотдир.

4:149 (Эй мўминлар), хоҳ ошкора, хоҳ яширинча бирон яхшилик қилсангиз ёки бирон ёмонликни афв қилиб юборсангиз (Аллоҳ суйган бандалардан бўлурсиз). Зеро, Аллоҳ қудрат эгаси бўлгани ҳолда афв қилгувчи бўлган Зотдир.

4:150 Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни, Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар —

4:151 Ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай, кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз.

4:152 Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган ҳамда улардан биронтасини ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Аллоҳ муносиб) мукофотларини ато этажак. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган Зотдир.

4:153 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), аҳли китоб сиздан кўкдан бир Китоб туширишингизни сўрайди. Мусодан бундан ҳам каттароқ нарсани сўраган эдилар: «Бизга Аллоҳни очиқ кўрсат», дейишган эди. Шунда золимликлари сабабли уларни чақмоқ урган эди. Сўнгра уларга аниқ-равшан ҳужжатлар келганидан кейин бузоқни худо қилиб олишди. Буни ҳам афв этдик ва Мусога очиқ ҳужжат ато этдик.

4:154 Аҳдларини (олишдан бош тортганларида, қўрққан ҳолларида куч билан) олишлари учун устларига Тур тоғини кўтардик ва уларга: «Бу дарвозадан сажда қилган ҳолингизда кирингиз», дедик. Яна уларга: «Шанба кунлари (балиқ овлаш билан) ҳаддингиздан ошманг», дедик ҳамда улардан қаттиқ аҳд-паймон олдик.