Алоуддин Мансур — 101
4:141 Улар (яъни, мунофиқлар) сизларга кўз тикиб турадилар. Агар сизларга Аллоҳ томонидан фатҳу зафар бўлса: «Биз ҳам сизлар билан бир диндамиз-ку», дейдилар. Агар ғалаба кофирларга насиб бўлса: «Биз сизлардан устун бўлган ва сизларни мўминлардан ҳимоя қилган эмасмидик?», дейишади. Энди Қиёмат Кунида Аллоҳ ўрталарингда ҳакамлик қилур. Ва Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай.
4:142 Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. — Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир. — Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар.
4:143 Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар. Кимники Аллоҳ йўлдан оздирса сиз унга бирон йўл топиб бера олмайсиз.
4:144 Эй мўминлар, мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманглар! Аллоҳ учун ўз зарарларингизга очиқ ҳужжат қилиб беришни истайсизми?
4:145 Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!
4:146 Магар тавба қилиб ўзларини ўнглаган ва Аллоҳга боғланиб, динларини Аллоҳ учун холис қилган зотлар — ана ўшаларгина мўминлар билан бирга бўлурлар. Яқинда Аллоҳ мўминларга улуғ ажр ато этажак!
4:147 Агар шукр қилиб, иймонли бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Ахир Аллоҳ (бандаларининг тоат-ибодатларига савоб ато этиш билан) шукр қилгувчи ва билгувчи бўлган Зот-ку?!