Алоуддин Мансур — 100
4:135 Эй мўминлар, адолат билан тургувчи ҳамда ўзларингнинг ёки ота-она ва қариндош-уруғларнинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик бергувчи бўлинглар! У (яъни, гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Олоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) яқинроқдир. Бас, адолат қилмасдан нафси ҳавога эргашиб кетманглар. Агар тилларингни буриб (нотўғри гувоҳлик берсанглар) ёки (гувоҳлик беришдан) бош тортсанглар, албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир.
4:136 Эй мўминлар, Аллоҳга, Унинг пайғамбарига ва шу пайғамбарига нозил қилган Китобига ҳамда илгари нозил бўлган Китобларига иймонингиз комил бўлсин. Кимки Аллоҳга, фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига ва Охират Кунига ишонмаса, (кофир бўлса), демак, у жуда қаттиқ адашибди.
4:137 Албатта иймон келтириб, сўнг куфрга қайтган, кейин яна иймонга келиб, сўнгра яна кофир бўлган, кейин эса куфрлари янада зиёда бўлган кимсаларни Аллоҳ ҳаргиз мағфират қилмайди ва уларни зинҳор ҳақ йўлга ҳидоят қилмайди.
4:138 Бундай мунофиқларга улар учун аламли азоб борлигидан «хушхабар» бериб қўйинг!
4:139 Улар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутадилар. Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!) Зеро, бор куч-қудрат Аллоҳникидир.
4:140 Ахир Аллоҳ сизларга Китобда: «Қачонки Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар», деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансиз), демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз, уларнинг ўзисиз. Албатта, Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамга жамлагувчидир.