>

Алоуддин Мансур — 10

2:62 Албатта, иймон келтирган зотлар, яҳудий бўлганлар, насронийлар ва собиийлар (фаришталарга сиғинувчилар) — (улардан) қайсилари (аввал қайси динда бўлганларидан қатъи назар, иймонга келиб, ёлғиз) Аллоҳга, Охират кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшаларга Парвардигорлари ҳузурида ажр бордир ва улар учун хавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдир.[10]

2:63 Эсланг (эй Бани Исроил), биз аҳду паймонингизни олгандик ва устингизда Тур тоғини кўтариб туриб, «Сизга берган нарсамизни (Тавротни) маҳкам ушланг ва ундаги бор нарсани ёдингизда тутинг — шояд тақво эгаларидан бўлсангиз», дегандик.

2:64 Кейин ўша аҳду паймондан кейин юз ўгирдингиз. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу карами бўлмаганда эди, зиён кўргувчилардан бўлиб қолар эдингиз.

2:65 Орангиздан шанба кунида ҳаддан ошган кимсаларни билдингиз. Бас, Биз уларга: «Бадбахт маймунларга айланингиз», дедик.

2:66 Биз бу уқубатни ўша вақт ва кейинги даврлар учун ибрат, тақволи кишилар учун мавъиза (насиҳат) қилдик.[11]

2:67 Эсланг! Мусо ўз қавмига: «Аллоҳ бир сигир сўйишларингни буюрди», деганида, улар: «Устимиздан куляпсанми?», дедилар. (Мусо) деди: «Ундай жоҳиллардан бўлиб қолишдан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман».

2:68 Улар: «Парвардигорингга дуо қил, унинг қандайлигини баён қилсин», дедилар. (Мусо) деди: «У зотнинг айтишича, у қари ҳам, ёш ғунажин ҳам бўлмаган, икковининг ўртасидаги бир сигирдир. Энди фармонни адо этинглар».

2:69 Улар дедилар: «Парвардигорингга дуо қил. Унинг рангини баён қилсин». (Мусо) айтди: «У зотнинг айтишича, у очиқ-малларанг сигир бўлиб, кўрганларнинг кўнгли чоғ бўлади».