Алоуддин Мансур — 62
3:92 Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур.
3:93 Таврот туширилишидан илгари Исроил (Яъқуб) ўзига ҳаром қилган нарса (туянинг гўшти билан сути) дан бошқа барча таомлар Бани Исроил қавмига ҳалол эди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), «Агар ростгўй бўлсангизлар, Тавротни келтириб ўқиб кўринглар», деб айтинг.[17]
3:94 Бас, ким мана шундан кейин ҳам Аллоҳга бўҳтон қилса, ана ўшалар зулм қилгувчилардир.
3:95 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), «Аллоҳнинг сўзи ростдир. Бас, ҳақ йўлдан тоймаган ва мушриклардан бўлмаган Иброҳимнинг динига эргашинглар!», деб айтинг!
3:96 Албатта, одамлар ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят (маёғи) бўлган Каъбадир.
3:97 Унда мақоми Иброҳим (яъни, Каъбани қуришда Иброҳим алайҳиссалом оёқлари остида бўлган харсанг тош, у тошдан ҳанузгача Иброҳим пайғамбарнинг оёқ излари кетмаган) ва унга кирган одам ҳар қандай хавф-хатардан омон бўлиши (каби) очиқ оят-аломатлар бордир. Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни, Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган Зотдир.
3:98 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Эй аҳли китоб, нима учун Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдасиз? Ахир Аллоҳ қилаётган амалларингизга гувоҳ-ку!»
3:99 Айтинг: «Эй аҳли китоб, нима учун иймон келтирган кишиларни Аллоҳнинг йўлидан тўсасизлар ва ўзингиз гувоҳ бўлган ҳолингизда ундан (яъни, Аллоҳнинг йўлидан) қийиқ ахтарасизлар? Ахир Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмас-ку!»
3:100 Эй мўминлар, агар китоб берилган кимсаларнинг баъзи бир гуруҳларига бўйсунсангиз, улар сизларни иймонга келганингиздан кейин яна кофирликка қайтарадилар.