Алоуддин Мансур — 511
48:1 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, Биз сизга очиқ-равшан фатҳ-ғалаба ато этдик.
48:2 Токи Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гуноҳларингиз)ни мағфират қилиши учун ва сизга Ўз неъматини комил қилиб бериб, сизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиши учун
48:3 ҳамда Аллоҳ сизга қудратли ёрдам бериши учун (сизга очиқ фатҳ ато этдик).[1]
48:4 У (Аллоҳ) ўз иймон-ишончларига яна ишонч қўшишлари учун мўминларнинг дилларига сакинат-ором туширган Зотдир. Осмонлар ва Ер қўшинлари (яъни, коинотдаги барча жонзот ва кучлар) ёлғиз Аллоҳникидир. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
48:5 У мўмин ва мўминаларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритиш учун ва улардан ёмонлик-гуноҳларини ўчириш учун (уларнинг дилларини Ўзи буюрган, кофирларга қарши жиҳод қилиш каби ҳукмлардан таскин-ором оладиган қилиб қўйди). Ва бу Аллоҳ наздида улуғ бахт бўлди.
48:6 Ва Аллоҳ ҳақида (У Ўз пайғамбарига ва мўминларга ғалаба бермайди, деб) ёмон гумон қилгувчи мунофиқ ва мунофиқаларни ҳамда мушрик ва мушрикаларни азоблаш (учун мўминларни уларга қарши жиҳод қилишга буюрди). Уларнинг устига ҳалокат балоси тушгувчидир. Аллоҳ улардан дарғазаб бўлди, уларни лаънатлади ва улар учун жаҳаннамни тайёрлаб қўйди. Нақадар ёмон жойдир у!
48:7 Осмонлар ва Ер қўшинлари Аллоҳникидир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлган Зотдир.
48:8 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, Биз сизни (Қиёмат Кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (у кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юборгандирмиз.
48:9 (Эй инсонлар, Биз бу пайғамбарни) сизлар Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун ва У зотни улуғлаб, эҳтиром қилишларингиз ҳамда эрта-ю кеч Уни поклаб, тасбеҳ айтишларингиз учун (юбордик).