>

Алоуддин Мансур — 417

32:21 Албатта Биз улар шояд ўз (куфру исёнларидан) қайтсалар, деб уларга (Қиёмат Кунидаги) улуғ азобдан илгари яқин азобни (яъни, дунё азобини — турли кулфат-балоларни, мусибатларни) тотдирурмиз.

32:22 Ўз Парвардигорининг оятлари билан панд-насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олгувчидирмиз.

32:23 Аниқки, Биз Мусога Китоб — Таврот ато этдик. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз унинг (Тавротга) рўбарў бўлганидан шубҳа-гумонда бўлманг. Биз (Тавротни) Бани Исроил (қавми) учун раҳбар-йўлбошчи қилдик.

32:24 Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач, Биз улардан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар.

32:25 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Қиёмат Кунида (одамлар) ўртасида улар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар ҳақида Ўз ҳукмини баён қилур.

32:26 Ахир уларга (яъни, мушрикларга) Биз улардан илгари қанча аср-авлодларни ҳалок қилганимиз ва ўзлари ўшаларнинг масканларида юрганлари маълум эмасми?! Албатта бунда оят-ибратлар бор-ку! Ахир улар англамайдиларми?!

32:27 Ахир улар Биз қуруқ ерга сув ҳайдаб, унинг ёрдамида уларнинг чорвалари ҳам, ўзлари ҳам ейдиган экинларни чиқаришимизни кўрмадиларми?! Ахир қарамайдиларми?!

32:28 Улар (мусулмонларга): «Агар ростгўй бўлсангизлар қачон мана шу фатҳ (яъни, сизларнинг ғалабангиз) рўй берур», дерлар.

32:29 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Фатҳ кунида кофир бўлган кимсаларга иймон келтиришлари фойда бермай қолур ва уларга (тавба-тазарруъ қилиш учун муҳлат ҳам берилмас.

32:30 Сўнг сиз улардан юз ўгиринг ва (уларга келадиган азобга) кўз тутинг! Зеро, улар ҳам кўз тутгувчидирлар.