Алоуддин Мансур — 369
26:40 Агар сеҳргарлар ғолиб бўлиб чиқсалар, эҳтимол бизлар ўшаларга эргашурмиз», дейилди.
26:41 Энди қачонки, сеҳргарлар келишгач, Фиръавнга: «Агар биз ғолиб бўлсак, албатта бизлар учун (катта) мукофот бўлурми?», дейишди.
26:42 У: «Ҳа, у ҳолда албатта сизлар менинг яқинларимдан бўлурсизлар», деди.
26:43 Мусо уларга: «Ташлайдиган нарсаларингизни ташланглар», деди.
26:44 Бас, улар арқон ва асоларни (ерга) ташладилар ва: «Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта бизларгина ғолиб бўлгувчидирмиз», дедилар.
26:45 Сўнг Мусо асосини ташлаган эди, баногоҳ у (асо) уларнинг «уйдирма»ларини юта бошлади.
26:46 Бас, у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ерга ташланиб:
26:47 «Барча оламларнинг Парвардигорига —
26:48 Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон келтирдик», дедилар.
26:49 (Фиръавн) айтди: «Мен изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Албатта у (Мусо) сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Энди яқинда билурсизлар — албатта мен оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (ўнг қўл, чап оёқ ёки аксинча) кесурман ва сизларнинг барчангизни дорга осурман».
26:50 Улар дедилар: «Зарари йўқ. Зеро, бизлар Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз.
26:51 Албатта бизлар (Мусога) биринчи иймон келтирган кишилар бўлганимиз сабабли Парвардигоримиз бизларнинг хато-гуноҳларимизни мағфират этишини умид қилурмиз».
26:52 Биз Мусога: «Бандаларим (яъни, Бани Исроил қавми) билан тунда йўлга чиққин! Албатта сизларнинг изингизга тушилур (яъни, Фиръавн ва унинг қўшини ортингиздан қувиб етур»), деб ваҳий юбордик.
26:53 Бас, (Мусо ва унинг қавми йўлга тушганларидан хабар топгач), Фиръавн барча шаҳарларга (аскар) йиғувчиларни жўнатди (ва деди):
26:54 «Аниқки улар бир ҳовуч ялангоёқлардир.
26:55 Дарҳақиқат, улар (қўл остимиздан чиқиб кетишлари билан) бизларни ғазаблантирдилар.
26:56 Шубҳасиз, бизлар эҳтиёт чораларини кўриб тургувчи қавмдирмиз».
26:57 Бас, мана шундай қилиб Биз уларни (яъни, Фиръавн ва унга эргашганларни) боғлар ва булоқлардан,
26:58 Хазиналар ва улуғ-гўзал маскандан айирдик.
26:59 Ва улар(нинг барчаси)га Бани Исроилни ворис қилдик.
26:60 Бас, (Фиръавн) тонг пайтида уларни қувиб етди.