>

Алоуддин Мансур — 331

21:102 Улар унинг шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматларда абадий қолгувчидирлар.

21:103 Уларни Буюк даҳшат (яъни, Қиёмат) маҳзун қилмас. Фаришталар уларни: «Мана шу сизларга ваъда қилинган кундир», деб кутиб олурлар.

21:104 У кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилгувчидирмиз.

21:105 Дарҳақиқат, Биз (Лавҳул-маҳфузда) зикр қилгандан сўнг Забурда: «Албатта (жаннатнинг) ерига менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар», деб ёзиб қўйгандирмиз.

21:106 Албатта мана шу (Қуръонда) ибодат қилгувчи қавм учун етарли нарса бордир.

21:107 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни, Аллоҳнинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик.

21:108 Айтинг: «Менга фақат (Сизнинг) илоҳингиз якка ягона илоҳ экани ваҳий қилинур. Бас, сизлар (ваҳийга) бўйинсунувчимисизлар?»

21:109 Энди агар юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Мен сизларнинг (барчангизга ҳеч кимни айирмай менга нозил бўлган ваҳийни) эшитдирдим. Сизларга ваъда қилинган (Қиёмат Кунидаги азобни) яқин ё йироқлигини эса билмасман».

21:110 Албатта, У зот сўзнинг ошкорасини ҳам билур, сизлар беркитадиган сўзларни ҳам билур.

21:111 Билмайман, эҳтимол бу (яъни, азоб соатининг таъхирга ташланиши) сизлар учун бир алдов-синов ва бир оз вақтгача (ажалларингиз етиб ўлгунингизгача) фойдаланишдир».

21:112 (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) айтди: «Парвардигорим, Ўзинг Ҳақ ҳукмингни қилгин. Парвардигоримиз — сизларнинг («Аллоҳ ёлғиз эмас», деб У зотни бўҳтон сифат билан) сифатлашларингиздан мадад сўраладиган Раҳмондир».