>

Алоуддин Мансур — 263

15:16 Маълумки, Биз осмонда буржлар яратдик ва кузатувчилар учун уни (юлдузлар билан) безаб қўйдик.

15:17 Ва уни (осмонни) барча малъун-шайтон (жинлар)дан муҳофаза қилдик.

15:18 Магар (у жинлардан) биронтаси (осмондаги малоикаларнинг бирон сўзини) ўғринча эшитиб олса, бас, уни очиқ (учар) юлдуз қувиб етар (яъни, ҳалок этар).[3]

15:19 Ерни эса ёйиқ — кенг қилдик ва унда тоғларни ўрнатиб қўйдик ҳамда унда (ҳар ернинг ўзига) мосланган турли-туман нарсаларни (ўсимлик, меваларни) ундириб-ўстирдик.

15:20 Ва унда (яъни, Ерда) сизлар учун ҳам сизлар ризқлантира олмайдиган (балки фақат Биз ризқ берадиган сизларнинг қўл остингиздаги) кишилар учун ҳам тирикчилик — ризқу насибаларни яратиб қўйдик.

15:21 (Сизларнинг ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг хазиналари — манбалари Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни аниқ ўлчов билан (сизларга) туширурмиз.

15:22 Биз шамолларни (булутларга) ҳомиладор бўлган ҳолларида юбордик, осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, сизларни у билан суғордик. Сизлар уни тўплаб олгувчи эмассиз (балки Биз дарё ва кўллар яратиб, у сувни сизлар учун тўплаб берурмиз).

15:23 Албатта, Биз ўзимиз (барча жонзотга) ҳаёт берурмиз ва ўлим берурмиз. Биз ворисдирмиз (яъни, барча ўтгандан кейин ёлғиз Ўзимиз қолурмиз).

15:24 Аниқки, Биз сизлардан илгари ўтган (барча) зотларни билдик. Аниқки, Биз кейин келгувчи зотларни ҳам билдик.

15:25 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Парвардигорингизнинг Ўзи (Қиёмат Куни) уларни (яъни, аввалу охир ўтган инсонларни) тўплар. Албатта, У ҳикмат ва билим Соҳибидир.

15:26 Маълумки, Биз инсонни (Одамнинг асли) қора ботқоқдан (бўлиб одам сурати берилгач), қуритилган лойдан яратганмиз.[4]

15:27 Жинни (яъни, Иблисни) эса (Одамдан) илгари оташ-оловдан яратган эдик.

15:28 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан инсон Яратгувчиман.

15:29 Бас, қачон уни тиклаб, ичига Ўз (даргоҳимдаги) жондан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!», деганида;

15:30 Барча-барча фаришталар унга (яъни, Одамга) сажда килдилар.

15:31 Магар иблис сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди.