Алоуддин Мансур — 221
10:107 Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У мағфиратли, меҳрибондир.
10:108 Айтинг: «Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ Қуръон келди. Бас, ким ҳидоят йўлига юрса, фақат ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (у ҳидоят йўлидан) озса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман».
10:109 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ўзингизга ваҳий қилиб юборилаётган нарсага (яъни, амру фармонларга) эргашинг ва то Аллоҳ Ўз ҳукмини туширгунича, (даъват йўлидаги машаққатларга ва кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг. У зот ҳукм қилгувчиларнинг энг яхшисидир.
11:1 Алиф, Лом, Ро. (Ушбу Китоб) ҳикмат Соҳиби ва (ҳамма нарсадан) хабардор Зот — Аллоҳ томонидан оятлари бузилмайдиган мустаҳкам ва муфассал қилиб (нозил қилинган) бир Китобдир.
11:2 Сизлар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишингиз учун (нозил қилинган бир Китобдир). (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, айтинг): Албатта, мен эса сизларга У зот тарафидан (юборилган, кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчидирман.
11:3 (Аллоҳ сизларга амр қилурки), Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар, шунда (У) сизларни маълум муддатгача (ажалларингиз етгунича) чиройли мато — фойдаланиш билан фойдалантирур ва ҳар бир яхшилик соҳибига яхшилик (яъни, ажр — мукофот) берур. Агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда Мен сизларга Улуғ Кун (яъни, Қиёмат Куни) азоби етишидан қўрқаман.
11:4 Аллоҳнинг Ўзига қайтишларингиз бор. У эса ҳамма нарсага қодирдир.
11:5 Огоҳ бўлингизким, албатта улар (кофирлар) Ундан сир тутиш учун дилларидаги (адоватлари)ни яширадилар. Огоҳ бўлсинларким, улар кийимларига ўраниб олган чоғларида ҳам (Аллоҳ) уларнинг яширган ва ошкор қилган нарсаларини билур. Дарҳақиқат, У зот дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир.