Алоуддин Мансур — 2
2:1 Алиф, лом, мим.[1]
2:2 (Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб тақволи кишилар учун раҳбар – йўлбошчидир.
2:3 Улар ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган зотлардир.
2:4 Улар сизга нозил қилинган ва сиздан илгари туширилган нарсаларга (динларга) иймон келтирадилар ва Охират кунига аниқ ишонадилар.
2:5 Парвардигорлари тарафидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир.[2]