Мухтасар тафсир
لَّقَدْ كَفَرَ ٱلَّذِينَ قَالُوٓا۟ إِنَّ ٱللَّهَ هُوَ ٱلْمَسِيحُ ٱبْنُ مَرْيَمَ ۚ قُلْ فَمَن يَمْلِكُ مِنَ ٱللَّهِ شَيْـًٔا إِنْ أَرَادَ أَن يُهْلِكَ ٱلْمَسِيحَ ٱبْنَ مَرْيَمَ وَأُمَّهُۥ وَمَن فِى ٱلْأَرْضِ جَمِيعًا ۗ وَلِلَّهِ مُلْكُ ٱلسَّمَـٰوَٰتِ وَٱلْأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا ۚ يَخْلُقُ مَا يَشَآءُ ۚ وَٱللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَىْءٍ قَدِيرٌ ﴿١٧﴾
Насронийлардан «Аллоҳ Марямнинг ўғли Масиҳдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Эй Пайғамбар алайҳиссалом, уларга айтинг: «Агар Аллоҳ Марямнинг ўғли Масиҳни, унинг онасини ва ер юзидаги ҳамма одамларни ҳалок этишни истаса, ким Аллоҳни бирон ишдан қайтара олади?!» Модомики, бу иш ҳеч кимнинг қўлидан келмас экан, шунинг ўзи Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини, Марямнинг ўзи ҳам, ўғли Масиҳ ҳам ва бошқа ҳамма махлуқотлар ҳам Аллоҳнинг бандалари эканини кўрсатмайдими? Осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи истаган нарсасини Ўзи истаган тарзда яратур. Ийсо алайҳиссаломни яратиши ҳам шулар жумласидандир. Ийсо Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир. Аллоҳ ҳамма нарсага Қодирдир.