>

Алоуддин Мансур — 521

51:7 (Самодаги юлдузлар ҳаракат қиладиган) йўллар эгаси бўлган осмонга қасамки,

51:8 албатта сизлар (ушбу пайғамбар хусусида) хилма-хил сўз устидадирсизлар.[1]

51:9 Ундан (яъни, Қуръондан, пайғамбардан Аллоҳнинг илми азалийсида ҳидоят йўлидан) бурилган (ва саодатдан маҳрум қилинган) кимса бурилиб (юз ўгириб) кетур.

51:10 (Ҳақ пайғамбарни «ёлғончи, сеҳргар, шоир» дегувчи) ўша ёлғончиларга ўлим — лаънат бўлгай!

51:11 (Жаҳолат) гирдобида адашиб юргувчи бўлган кимсаларга (ўлим бўлгай!)

51:12 Улар жазо (Қиёмат) Куни қачон бўлишини сўрарлар.

51:13 (У Кун) улар дўзахда текшириладиган — ёндириладиган Кунда бўлур.

51:14 (Ўшанда уларга айтилур): «Азобларингизни тотинглар! Сизлар (ҳаёти дунёдалик пайтингизда) шоштиргувчи бўлган нарса мана шудир!»

51:15 Албатта тақводор зотлар жаннатлар ва булоқлар устида бўлурлар.

51:16 (У Кунда) Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларни (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида (жаннатлар ва булоқлар устида бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (яъни, ҳаёти дунёдалик чоғларида) чиройли амаллар қилгувчи эдилар.

51:17 Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар.

51:18 Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан мағфират сўрар эдилар.

51:19 Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум-муҳтож кишилар учун (ажратилган) ҳақ-улуш бўлар эди.

51:20 (Эй инсонлар), Ерда (ундаги тоғу тошлар ва водий-дараларда, денгизлар ва дарёларда, ҳайвонот ва наботот оламида) ишонгувчи зотлар учун (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир.

51:21 Ҳамда ўзларингизда (ушбу ҳаётга келиб-кетишингиздан тортиб, вужудларингиздаги ҳар бир аъзоингизда, балки ҳар бир ҳужайрангизнинг нақадар нозик тартиб-интизом билан яратилиб, ўз ўрнига жойлаштирилганида ва ўз зиммасидаги Яратган буюрган вазифани қулоқ қоқмасдан адо этиб боришида Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган оят-аломатлар бордир). Ахир кўрмайсизларми?!

51:22 Осмонда эса сизларнинг ризқу рўзларингиз (яъни, Ерда мўл ҳосил бўлишига сабаб бўлгувчи ёмғир) ва сизларга ваъда қилинаётган нарса (яъни, жаннат) бордир.

51:23 Бас, осмон ва Ернинг Парвардигорига қасамки, албатта у (яъни, сизларга ваъда қилинаётган барча нарса) худди сизларнинг сўзлашингиз каби (яъни, сўзлаган сўзларингиз ўзларингиз учун қандоқ ҳақ бўлса, ана шундай) ҳаққи-ростдир!

51:24 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими?

51:25 Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб, «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом, (Булар) нотаниш қавм-ку?», деди.

51:26 Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (қовурилган) бир семиз бузоқни келтирди-да,

51:27 уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизларми?», деди.

51:28 (Лекин меҳмонлар овқатга қўл чўзишмагач), улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин. (Бизлар фаришталармиз, шунинг учун таом емаймиз)», дедилар ва (Иброҳимга) бир доно ўғил хушхабарини бердилар.

51:29 Шунда (уларнинг сўзини эшитиб турган Иброҳимнинг) хотини қичқирганча келди-да, (бу хушхабардан ажабланганидан) ўзининг юзига уриб: «(Ахир мен) туғмас кампир(ман)ку!», деди.

51:30 Улар айтдилар: «Парвардигоринг мана шундай деди. Албатта Унинг Ўзигина ҳикмат ва билим Соҳибидир».