Алоуддин Мансур — 39
2:238 Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйсунган ҳолда туринглар!
2:239 Энди агар (душман ҳужумидан) хавфда қолсангиз, пиёда ёки отлиқ ҳолингизда (ибодат қилаверингиз!) Қачон хотиржам бўлганингизда, билмаган вақтингизда Аллоҳ қандай ўргатган бўлса, шундай ҳолда (яъни, намознинг барча арконларини ўрнига қўйиб) Аллоҳни зикр қилингиз!
2:240 Сизлардан вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар (ўлимларидан олдин), хотинларига бир йилгача (эрнинг уйидан) чиқарилмай фойдаланадиган миқдордаги нарсани васият қилсинлар. Агар улар (хотинлар) ўзлари чиқиб кетсалар, сизлар (эрнинг уруғлари) учун у хотинлар ўз хусусларида қилган амаллари сабабли гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қудратли, ҳикматли Зотдир.
2:241 Талоқ қилинган аёлларни яхшилик билан фойдалантириш тақводор эрларнинг зиммасидаги бурчдир.
2:242 Шундай қилиб, ақл юргизишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилади.
2:243 Ўлимдан (яъни, вабога йўлиқишдан) қочиб, ўз диёрларидан чиққан мингларча кишининг ҳоли-хабарини билмадингизми? Бас, Аллоҳ уларга «Ўлинглар!», деди. (Ва улар ўлдилар. Яъни ўлимнинг сабаби касаллик эмас, балки Аллоҳнинг амридир). Сўнгра уларга ҳаёт ато қилди. Албатта, Аллоҳ одамларга фазлу карам қилгувчидир. Лекин жуда кўп одамлар шукр қилмайдилар.
2:244 Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва билингизки, албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
2:245 Аллоҳга қарзи ҳасана (ихтиёрий қарз) берадиган ким борки, (Аллоҳ) унга бир неча баробар қилиб қайтарса. Ҳолбуки, (ризқингизни) тор ва кенг қиладиган Аллоҳдир. Ва Унга қайтарилажаксиз.