>

Алоуддин Мансур — 386

28:6 Яна уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва (унинг вазири) Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига (Бани Исроил) томонидан ўзлари қўрқувчи бўлган нарсани (яъни, мулку-давлатлари қўлларидан кетиб, ҳукму салтанат Бани Исроил қавмининг қўлига ўтишини) кўрсатиб қўйишни (истаймиз).

28:7 Биз Мусонинг онасига (Мусони туғиб, уни ҳам Фиръавн одамлари келиб ўлдиришларидан қўрқиб турган пайтида) ваҳий қилдикки: «Уни эмизавергин. Бас, қачон (Фиръавн одамлари ўғил кўрганингни билишиб қолиб, уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро, Биз уни сенга (яъни, тирик ҳолида) қайтаргувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилгувчидирмиз».

28:8 Бас, уни Фиръавн хонадони (ўсиб-улғайгач), ўзларига душман ва ғам-ташвиш бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари хато қилгувчи бўлдилар.

28:9 Фиръавннинг хотини (унга): «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Улар (ўзларининг ҳалокатлари шу гўдак қўлида эканини) сезмаган ҳолларида (уни бола қилиб олдилар).

28:10 Мусо (дарёда оқиб кетгач), онасининг қалби бўм-бўш бўлиб қолди. Агар Биз («Мусони ўзингга қайтарурмиз», деган ваъдамизга) иймон келтиргувчилардан бўлиши учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда, албатта, у (Мусо ўзининг ўғли эканини) очиб қўйган бўлур эди.

28:11 Ва (Мусонинг онаси) унинг опасига: «Унинг (ортидан) тушгин», дедик. Бас, у (Фиръавн хонадонидагилар) сезмаган ҳолларида (Мусони) узоқдан кузатиб турди.

28:12 Биз аввал (Мусога барча) эмизгувчи аёлларни ҳаром қилдик (бас, у бирон аёлни эммади), шунда (унинг опаси келиб): «Мен сизларга унга кафил бўлиб (эмизадиган) ва унга холис (тарбия берадиган) бир оилани кўрсатайми?», деди.

28:13 Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари шодланиши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўп (одамлар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини) билмайдилар.