>

Алоуддин Мансур — 310

19:65 У осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг Хожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)»

19:66 (Кофир) инсон: «Ўлганимдан сўнг яна тирик ҳолда қабримдан чиқарилурманми?!», дер.

19:67 Ахир ўша инсон Биз уни илгари ўзи ҳеч нарса бўлмаган пайтида яратганимизни (яъни, йўқдан бор қилганимизни) эсламасми?!

19:68 Бас (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингизга қасамки, албатта, Биз уларни (йўлдан оздирган) шайтонлари билан бирга тўплармиз, сўнгра (барчаларини) жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қилурмиз.

19:69 Кейин ҳар бир гуруҳдан қайси кимса Раҳмонга қаттиқроқ осий бўлган бўлса, (ўшани) суғуриб олурмиз (ва жаҳаннамга отурмиз).[8]

19:70 Ҳеч шак-шубҳа йўққи, Биз ўзимиз унга (жаҳаннамга) киришга лойиқроқ бўлган кимсаларни яхшироқ билгувчидирмиз.

19:71 Сизлардан ҳар бирингиз унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир.

19:72 Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз.

19:73 Қачон уларга (яъни, инсонларга) очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: «Қайси гуруҳ яхшироқ мартаба ва гўзалроқ мажлисда?», дейдилар. (Яъни, бой-бадавлат мушриклар фақир ва мискин мўминларнинг устидан куладилар).

19:74 Ҳолбуки, Биз улардан илгари қанча матоъ ва суратлари чиройли бўлган авлодларни ҳалок қилгандирмиз!

19:75 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Ким залолатда бўлса, бас Раҳмон унга муддат — умр берсин. Токи ўзларига (яъни, йўлдан озганларга) ваъда қилинган (дунё) азобини ёки Қиёмат қойим бўлишини кўрган вақтларида, албатта кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари ожизроқ эканини билурлар.

19:76 Аллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур. Парвардигорингиз наздида абадий қолгувчи яхши амаллар савоб жиҳатидан ҳам, оқибат жиҳатидан ҳам ортиқроқдир».