>

Алоуддин Мансур — 175

7:188 Айтинг: «Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга эга бўла оламан. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар бергувчиман, холос».

7:189 У (Аллоҳ) шундай зотки, сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором-осойиш топсин, деб унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди. Унга қўшилганидан кейин у (Ҳавво) енгил юк (ҳомила) билан юкли бўлиб, ўша (юк) билан юрди. Бас, қачонки, оғирлашганида, (улар) Парвардигорлари — Аллоҳга дуо қилдилар: «Қасамки, агар бизга солиҳ фарзанд ато қилсанг, албатта шукр қилгувчилардан бўлурмиз».

7:190 Энди (Аллоҳ) уларга солиҳ (фарзанд) ато этганидан кейин Унга (Унинг) Ўзи ато этган нарсада (яъни, болага ном қўйишда) ширк келтира бошладилар. Бас, Аллоҳ уларнинг ширк келтирган нарсаларидан юксакдир.[10]

7:191 Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, балки ўзи яратилувчи бўлган нарсаларни (Аллоҳга) шерик қиладиларми?!

7:192 Улар учун бирон ёрдам қилишга қодир бўлмайдиган, ҳатто ўзига ўзи ёрдам қила олмайдиган (нарсаларни Аллоҳга шерик қиладиларми?!)

7:193 Агар уларни (яъни, бутларни) ҳидоятга чақирсангиз, сизларга эргашмайдилар (яъни, улар жонсиздирлар). Сизлар учун уларни чақиришингиз ёки сукут қилиб туришингиз баробардир (яъни, барибир улар жавоб бера олмайдилар).

7:194 Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга сизлар илтижо қилаётган нарсалар худди (сизнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларни чақиринглар, улар сизларга жавоб қилсинлар-чи?!

7:195 Уларнинг оёқлари бормики, юрсалар, ё қўллари бормики тутсалар, ёки кўзлари бормики кўрсалар, ёхуд қулоқлари бормики тингласалар?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Уша бутларингизни чақиринглар-да, сўнгра менга (бир лаҳза) муҳлат бермай бор ҳийла-найрангингизни қилаверинглар». (Қандай ҳунар кўрсатманг, натижаси ҳечдир.)